ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзоқов Озарбайжон республикаси диаспораси билан ишлаш бўйича давлат қўмитасининг раиси Фуад Мурадов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида Умурзоқов меҳмонларга ташриф учун миннатдорлик билдирди ҳамда Озарбайжоннинг таниқли сиёсат ва жамоат арбоби Ҳайдар Алиев таваллудининг яқинда нишонланган 100 йиллиги билан табриклади.
У ўзаро муносабатлар икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувларида имзоланган ҳужжатлар ва келишувлар асосида барқарор ривожланаётганига эътибор қаратди. Иқтисодиёт, хизмат кўрсатиш, маданият, туризм, таълим ва бошқа соҳаларда ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўп эканлигини қайд этди. Хусусан, маданий ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадида Тошкентда Боку кунлари, Бокуда Тошкент кунларини ўтказиш таклифини билдирди.
Ўз навбатида, Фуад Мурадов қабул учун миннатдорлик билдириб, Тошкентнинг ободлиги, кўкаламзорлаштирилишига юксак баҳо берди. Тошкентда истиқомат қилаётган 40 мингдан зиёд ватандошларига, Озарбайжон маданиятига кўрсатилаётган ҳурмат ва эътибордан жуда мамнунлигини алоҳида таъкидлади.
Тарафлар амалий мулоқотни давом эттиришга, дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга келишиб олишди.