ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мустақил ҳаётга қадам қўяётган мактаб битирувчиларини табриклади.
Президент ўз табрик сўзида бугунги кунда Ўзбекистонда ўз ҳаётини эндигини бошлаётган ёшлар кўплаб имконятлар яратилганини, юзлаб олийгоҳ, касб-ҳунар мактаблари ва техникумлар, ёшларни замонавий касбларга ўргатадиган мономарказлар, Ай-Ти ва технопарклар бунёд этилганини қайд этиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев ёшларга ушбу имкониятлардан фойдаланган ҳолда жамиятда муносиб ўрин эгаллашни, йирик корхона ва давлат ташкилотларида меҳнат қилиб мамлакат равнақига ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
"Мен сиз, азиз фарзандларимдан бир нарсани сўрайман: тинимсиз ўқиб, изланиб, замонавий билимларни эгаллашдан асло тўхтаманг! Доимо вақтнинг қадрига етиб, мунтазам билим ва тажрибангизни ошириб борсангиз, қатъий белгилаб олган режа ва мақсадларингиз сари дадил ҳаракат қилсангиз, албатта келгусида катта муваффақиятларга эришасиз", - деди Мирзиёев.
Президент табрик сўзининг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.
Маълумот учун, 2023 йил 25 май куни Ўзбекистонда 10 мингдан зиёд мактабларда “сўнгги қўнғироқ” чалинади ва 392 000 нафар ёшлар мактабни битиради. Улардан 12 мингдан ортиқ битирувчилар мактабни — олтин, 2 мингдан зиёди — кумуш медаль билан якунламоқда.