ТОШКЕНТ, 24 май – Sputnik. Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) доирасида интеграция тарафдори, лекин бу асл мақсад эмас, деди Қасим-Жомарт Тоқаев Москвада бўлиб ўтаётган Иккинчи Евроосиё иқтисодий форуми доирасида. РИА Новости хабарига асосан.
Тоқаев фикрига кўра, ЕОИИда иқтисодий интеграция бу асл мақсад эмас. Бу иштирокчи давлатларнинг иқтисодиёти ва халқлари фаровонлигини ривожлантириш воситаларидан биридир. Шу сабабли, иқтисодий интеграция муваффақиятининг асосий ўлчови стратегиялар, шартномалар ва қарорлар сони эмас, балки янги саноат, технологиялар ва иш ўринлари ҳисобланади. Қозоғистон учун ЕОИИ доирасидаги интеграция биринчи навбатда иқтисодий хусусиятга эга, бу 2015 йилги келишувда белгилаб қўйилган, деди давлат раҳбари.
"Яна бир бор таъкидламоқчиманки, Қозоғистон 2015 йилги келишувда белгиланган, ЕОИИ тамойиллари асосида, интеграция ғоясига мутлақо содиқдир. Яъни инфратузилмадан баравар фойдаланиш, адолатли рақобат, тенг ҳуқуқлилик ва миллий манфаатларни ҳисобга олиш каби асосий тамойиллар”, - деди Тоқаев йиғилишда сўзлаган нутқида.
"Мунтазам равишда юзага келадиган ўзаро тўсиқлар ва чекловларга қарамасдан, биз иттифоқ бозорида тўлақонли чамбарчас боғланган ўзаро таъсир муҳитини яратишимиз керак. Олдинга қўйилган ва эълон қилинган кўплаб мақсадларга ҳали эришилгани йўқ. Шунинг учун ҳам биринчи навбатда, иттифоқ доирасидаги белгиланган ҳамкорликнинг асосий вазифаларини охиригача ҳал қилишга эътибор қаратишимиз керак”, — деди Қозоғистон президенти.
Асосий вазифаларни бажармасдан туриб, янада юксак мақсадларни қўйиш қийин, деб ҳисоблайди Тоқаев. Янги режаларни киритишдан олдин, аввал олдин эълон қилинган ишларни амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ.
Иккинчи Евроосиё иқтисодий форуми
Маълумот учун, Москвада 24-25 май кунлари Евроосиё иқтисодий форуми бўлиб ўтмоқда. унда ЕОИИ мамлакатларидан ташқари Хитой, Жанубий Африка, Ўзбекистон, Никарагуа, Венесуэла, Индонезия вакиллари, шунингдек, БМТ, ЖССТ ва Халқаро миграция ташкилоти вакиллари, жами 2,5 мингдан ортиқ вакиллар иштирок этиши кутилмоқда.
Форумнинг марказий ва асосий воқеаси ЕОИИга аъзо давлатлар давлат раҳбарлари иштирокидаги ялпи мажлис бўлади. Ундан ташқари ЕОИИ, ШҲТ ва БРИКС ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, истиқболдаги “ЕОИИ-2030+ стратегияси” ва бошқа мавзулар муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Шунингдек, форум доирасида “Технология ва ҳамкорлик”, “Ўзгарувчан дунёда ЕОИИ”, “Евросиё алоқалари”, “ЕОИИ ички бозори, божхона. Ҳамкорлик, рақобат ва давлат харидлари”, “Стратегик блок” ва ЕОИИ каби мавзуларда форумлар ўтказиш режалаштирилган.