Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи Евро-5 тоифали бензин ишлаб чиқаришни бошлаши кутилмоқда

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи 2024 йилга бориб маҳсулот турларини кенгайтириб, унинг сифатини оширмоқчи.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи Ўзбекистонда Евро-5 тоифали бензин ва API бўйича II+/III гуруҳ мойлаш мойларини ишлаб чиқарувчи биринчи ва ягона корхонага айланади. Бу ҳақда "Saneg" компанияси маълум қилди, дея хабар берди Sputnik мухбири.
Қайд этилишича, завод 33 фоизга модернизация қилинди. У 2024 йилга бориб маҳсулот турларини кенгайтириб, унинг сифатини оширади.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш лойиҳаси 2020 йилда, корхона Saneg ишончли бошқарувида бўлган даврда бошланган. Модернизация туфайли завод 2024 йилга бориб маҳсулот турларини кенгайтириб, унинг сифатини оширади.

“Модернизация лойиҳасини амалга ошириш учун бугунги кунга қадар жами 249,6 миллион доллардан ортиқ ташқи инвестициялар ва ўз маблағлари жалб этилди. Лойиҳа завод ишлаб чиқариш қувватларини юклаш ҳажмини йилига 2 миллион тоннагача оширишни назарда тутади. Корхона Saneg конларидан қазиб олинган маҳаллий хомашё билан ҳам, хориждан келтирилган хомашё билан ҳам таъминланади, – дейди "Saneg" компанияси директор ўринбосари Абдусалом Абдуманоний.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда лойиҳага минглаб ишчилар ва юзлаб махсус техника жалб этилган. Тез орада изомеризация қурилмаси қурилиши бошланади, бу эса юқори октанли қайта ишланган нефтдан автобензинлар ҳосилдорлигини оширади.
Лойиҳанинг муҳим жиҳати – углеводородларнинг қайтариб бўлмайдиган йўқотишларини камайтириш ва заводнинг резервуар паркинини янгилашдир.
Айни пайтда турли ўлчамдаги 36 та янги замонавий резервуардан 12 таси ўрнатилмоқда.
Янги ва мавжуд технологик буғ қурилмаларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжларини қондириш учун кимёвий сув тозалаш иншооти билан буғ қозонхонани лойиҳалаш ва қуриш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, асосий блокларни қуриш бошланди. Бунинг натижасида янги турдаги маҳсулотлар ўзлаштирилади, бу - гидрокрекинг, водород ишлаб чиқариш ва босимнинг тебранишини адсорбсиялаш мосламаси.
Нефт чиқиндиларини утилизация қилиш ва ишлаб чиқаришга қайтариш имконини берувчи нефт лойини қайта ишлайдиган саноат корхонаси ишга туширилди.