ТОШКЕНТ, 23 май — Sputnik. Сингапур президенти Ҳалима Яқуб давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақида ЎзА хабар бермоқда.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ва бошқа расмийлар кутиб олишди.
Ташриф давомида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади. Унда минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, икки мамлакат етакчи компания ва банк институтлари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларига кўмаклашиш, маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади.
Шунингдек, Ҳалима Яқуб Ўзбекистон Сенати раиси, диний конфессиялар раҳбарлари билан учрашиши, ишбилармон доиралар бизнес-форумининг очилишида ҳамда қўшма таълим маркази фаолиятининг тақдимотида иштирок этади.
Бундан ташқари, Сингапур президенти Самарқанд шаҳрига ташриф буюради,
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг январь ойида давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлган эди. Ҳалима Яқубнинг Ўзбекистонга ташрифи жавоб ташриф ҳисобланади.