ТОШКЕНТ, 23 май — Sputnik. Москвада 24-25 май кунлари йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири — Евроосиё иқтисодий форуми бўлиб ўтади. Тадбир “Кўп қутбли дунёда Евроосиё интеграцияси” шиори остида ўтказилади.
Форум доирасида еттита тематик йўналишга бўлинган 35 та бизнес сессияси ўтказилади: “Инсон капитали”, “Технология ва ҳамкорлик”, “Ўзгарувчан дунёда ЕОИИ”, “Евросиё алоқалари”, “ЕОИИ ички бозори, божхона. Ҳамкорлик, рақобат ва давлат харидлари”, “Стратегик блок” ва ЕОИИ Ишбилармонлар кенгаши блоки.
Шунингдек, тадбирда ЕОИИ, ШҲТ ва БРИКС ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, истиқболдаги “ЕОИИ-2030+ стратегияси” ва бошқа мавзулар муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Форумнинг марказий ва асосий воқеаси ЕОИИга аъзо давлатлар давлат раҳбарлари иштирокидаги ялпи мажлис бўлади.
Тадбирда жами 2,5 мингдан ортиқ ҳокимият, ишбилармон доиралар, халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.
Улар қаторида ЕОИИ мамлакатлари (Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия) вакилларидан ташқари, Хитой, Жанубий Африка, Ўзбекистон, Никарагуа, Венесуэла, Индонезия вакиллари, шунингдек, БМТ, ЖССТ ва Халқаро миграция ташкилоти вакиллари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Евроосиё иқтисодий форуми - бу ЕОИИнинг иқтисодий соҳадаги йиллик ишбилармонлик тадбири бўлиб, у ўз навбатида Иттифоққа аъзо давлатда, унинг органларига (Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши, Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши ва ЕИК Кенгаши) раислик қилувчи давлатда ўтказилади. Ўтган йили форум Қирғизистон пойтахти – Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган эди.
Sputnik ахборот агентлиги EИФ-2023 нинг ахборот ҳамкори.