ТОШКЕНТ, 22 май — Sputnik. 19 май куни Вазирлар Маҳкамасининг "Мирзо Улуғбек ворислари" тайёрлов ўқув курсларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра ўқув курслари қуйидаги йўналишларда ташкил этилади:
ахборот технологияларидан ва коммуникацияларидан фойдаланиш (бошланғич);
математик статистика;
алгоритмлаш асослари;
маълумотларни қайта ишлаш;
дастурлаш тиллари (Phyton);
инглиз тили;
қарор қабул қилиш асослари.
Ўқув курслари жамоа бўлиб ишлаш ва бошқа йўналишлар бўйича ҳам ташкил этилиши мумкин. Биринчи ўқув йилида камида 60 нафар тингловчи қабул қилинади, кейинги йилларда тингловчилар сони эҳтиёждан келиб чиқиб, ошириб борилади.
Таълим олиш 34 ҳафта муддат давомида “Blending learning — аралаш таълим технологияси” асосидаги ўқув дастурига мувофиқ ташкил этилади.
Ушбу курсларда ўқиш учун танловнинг биринчи йилида республика давлат ОТМларининг бакалавриат босқичида (барча таълим шакли бўйича) 2-курсни муваффақиятли тамомлаган (академик қарздорлиги бўлмаган) талабалари иштирок этишлари мумкин.
Ушбу ўқув курсларига қабул қилинган республика ҳудудларидаги талабаларининг ўқишини мос ва турдош йўналишларда Тошкент шаҳрида жойлашган давлат ОТМларига академик мобиллик асосида бир йил муддатга кўчирилади.
Ўқув курсларига қабул қилинган талабалар (тингловчилар):
ушбу ўқув курсларида ўқиши давомида БҲМнинг тўрт баравари (1 миллион 320 минг сўм) миқдорида ҳар ойда бир маротаба рағбатлантириб борилади;
турар жой билан таъминланади ёки асосий ўқиш жойи бўлган ҳудудлардаги давлат ОТМлари томонидан белгиланган тартибда ижара тўловларининг бир қисми қоплаб берилади;
ўқиши давомида бир маҳал иссиқ овқат билан таъминланади;
таълим олиш муддатига зарур компьютер жиҳозлари (ноутбук ва бошқалар) тақдим этилади;
IT-парк резидентлари бўлган ташкилотларда амалиётларда қатнашиши таъминланади;
Ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси ва Тошкент шаҳридаги Инха университети томонидан тасдиқланадиган тегишли йўналиши бўйича давлат намунасидаги сертификат берилади.