Намангандаги замонавий IT кутубхонага ташриф уюштирилди – фото

Кутубхонада 70 000 дан ортиқ китоблар бор, 100 000 электрон китоб базаси яратилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 май — Sputnik. Наманганда ўтказилаётган 62-халқаро гуллар фестивали доирасида меҳмонларга вилоятнинг Давлатобод туманидаги замонавий IT кутубхона таништирилди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар берди.
“Янги Ўзбекистон - ёшлар зиё маркази” ахборот-кутубхона маркази 24 млрд сўм давлат бюджети ҳисобига қурилган. Фонд ва хизмат кўрсатиш тизими тўлиқ электронлаштирилган. Ҳар бир китобга электрон чип ўрнатилган. Бу китобнинг хавфсизлигини тўлиқ таъминлайди”, - деди кутубхона фонди бошлиғи Сожидахон Турсунбоева.
Кутубхонада 70 000 дан ортиқ китоблар бор, 100 000 электрон китоб базаси яратилган. Китобхон кутубхона ходимисиз китобдан бемалол фойдаланиши мумкин.
“Кутубхонада “Easy book” номли махсус электрон қурилма ўрнатилган. Ундан китобдаги электрон чип орқали фойдаланилади. Китобхон бемалол мустақил равишда қурилма орқали китобни уйга олиб кетиши ва фойдалангач, келиб топшириб кетиши мумкин. Электрон қурилма ўзбек, рус, инглиз тилларида ишлайди”, - деди мутахассис.
Замонавий электрон кутубхонада Book cafe, reception, болалар бўлими, ўқув зали, IТ park, коворкинг зона мавжуд.