ТОШКЕНТ, 22 май — Sputnik. Шавкат Мирзиёевга 22 май куни мактабгача таълим ва мактаб таълими тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдим этилди.
Унда қуйидаги таклифлар билдирилган:
Янги ўқув йилидан информатика фани 1-синфдан ўргатилади.
Бошланғич синфларда хорижий тажриба асосида янги ўқув дастури жорий қилинади;
Юқори синфларда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага камайтирилиб, дастурларнинг фанлараро ва синфлараро интеграцияси таъминланади. Бунда 11 та мажбурий ва 2 та танлов фани татбиқ этилади.
Бундан буён фанларнинг амалий машғулотлар улуши 40 фоиздан 60 фоизгача оширилади. Бунда мавзулар аниқ муаммони ҳал қилиш орқали ўргатилади, амалиёт дарслари эса лойиҳани бажариш шаклида ўтказилади.
Мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида педагогларни сертификатлаш тизими йўлга қўйилади. Яъни, ишга кираётган педагог 1 йил давомида ўқитувчи-стажёр сифатида фаолият юритиб, шу муддатда сертификат олиши керак бўлади.
Шунингдек, боғчаларга малакали тарбиячиларни жалб қилиш учун 2024 йил 1 июндан уларнинг иш ҳақи ставкалари мактаб ўқитувчилариникига тенглаштирилади.
Умумтаълим мактабларига бюджетдан ташқари маблағлардан эркин фойдаланиш ҳуқуқи берилгани уларнинг моддий аҳволини яхшилаш ҳамда ўқитувчиларга қўшимча ҳақ тўлаш имконини бермоқда. Энди бу тартибни боғча ва ихтисослашган мактаблар учун ҳам қўллаш мўлжалланмоқда.
Хусусий мактабларни ташкил қилишда қўйилган талаблар енгиллаштирилади.
Йиғилишда болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, хусусий секторни жалб қилган ҳолда замонавий тўгараклар очиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимларининг мактаблар фаолиятини текшириш ва таълим сифатини баҳолаш ваколатлари тугатилади.
Шавкат Мирзиёев ушбу таклифларни маъқуллаб, тизим фаолиятини трансформация қилиш, ўқитувчиларнинг малакаси ва рағбатини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.