Абитуриент 2023: онлайн ҳужжат топшириш тартиби қандай — йўриқнома

Бир неча ойдан сўнг Ўзбекистон олийгоҳларига кириш имтиҳонлари бошланади. 2023 йилга қабул саналари, ҳужжатлар рўйхати ва бошқа керакли маълумотлар Sputnik мақоласида.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 май — Sputnik. Ўзбекистон олийгоҳларига 2023/2024 ўқув мавсуми учун қабул бошланиш арафасида Sputnik Ўзбекистон ўқишга ҳужжат топшириш ва янги имкониятлар бўйича маълумот беради.
Бу йилги қабул учун абитуриентларнинг ҳужжат топшириш жараёни 20 июндан 20 июлга қадар (шу куни ҳам) давом этади. Касбий ижодий имтиҳон топширувчи абитуриентлар эса 10 июлгача ҳужжатини топшириб бўлиши керак.

Ҳужжат топшириш тартиби қандай

Бакалавриатга онлайн ҳужжат топшириш — my.uzbmb.uz порталидаги шахсий кабинет орқали амалга оширилади. Дастлаб рўйхатдан ўтиш ойнасига телефон рақам, пароль, такрорий пароль ва арифметик ифоданинг қиймати киритилиб, “Рўйхатдан ўтиш” тугмаси босилади. Шундан сўнг абитуриентнинг рақамига SMS-хабар юборилади. Ундаги 5 хонали код дастурга киритилиб, телефон рақам тасдиқланади.
Паспорт маълумотларини киритиш ойнасига абитуриентнинг шахсий идентификация рақами, паспорт серияси ва рақами киритилади. Сўнгра шахсий маълумотлардан фойдаланишга рухсат берилиб, “Сақлаш” тугмаси босилади.
Шундан сўнг “Доимий яшаш манзили” ойнасига ўтилиб, паспорт бўйича доимий рўйхатга олинган манзил киритилади. “Тугатган таълим муассаси ойнасидан абитуриент тамомлаган ҳудуд, муассаса тури, номи ва тугатган йили танланиб, ҳужжат (диплом ёки аттестация) серияси ва рақами ёзилади. Агар абитуриентнинг тугатган таълим муассаси дастурда мавжуд бўлмаса, муассаса туридан “Бошқа ўқув юрти” танланиб, муассаса номи ёзма киритилади.
Кейин “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул” бўлимига кириб, “Хизматдан фойдаланиш” тугмаси босилади. Агар абитуриентда чет тилидан миллий ёки халқаро сертификат мавжуд бўлса, “Чет тили сертификати” бўлимига кириб, маълумотлар киритилади.
Абитуриентда бошқа имтиёзлар мавжуд бўлса, булар тегишли вазирлик ва идоралардан олинган маълумотлар асосида автоматик тўлдирилган бўлади. Агар имтиёзлар чиқмаса, абитуриент имтиёзни тақдим этган ташкилотга мурожаат қилиши керак.
Агар абитуриентда умумтаълим фанларидан сертификат мавжуд бўлса, ундан фойдаланишни тасдиқлаши ёки рад этиши лозим. Шунингдек, абитуриент танлов устуворлиги ва мақсадли қабул бўйича ҳам ўз танловини амалга оширади.

Сўнгра қуйидаги маълумотлар киритилади:

Тест топшириш ҳудуди;
Таълим тили;
Тест топшириш алифбоси;
Таълим шакли;
Олий таълим муассаси;
Таълим йўналиши.
Шундан сўнг абитуриентга фанлар мажмуаси бир хил бўлган 5 тагача таълим йўналишини барча таълим шакллари доирасида танлаш имконияти берилади. Бунда таълим йўналишларини битта ОТМ ёки турли ОТМлар доирасида танлаш мумкин. Агар абитуриент танлаган йўналишларининг фанлар мажмуасида чет тили мавжуд бўлса, тегишли тил ҳам танланиши керак.
Кейин маълумотларни тасдиқлаш учун абитуриентнинг телефон рақамига SMS-хабар юборилади. Ундаги кодни дастурга киритиш орқали маълумотлар тасдиқланади. Сўнг абитуриент қайд варақаси шаклланади. Варақада абитуриентнинг шахсий маълумотлари, танлаган таълим йўналишлари, тест топшириладиган фанлар, тест топшириш ҳудуди, имтиёзлари, эслатма ва рўйхатга олинган вақт акс этган бўлади. “Юклаб олиш” тугмаси орқали қайд варақасини юклаб олиш мумкин.
Абитуриентлар рўйхатдан ўтиш муддати тугагунгача ўз маълумотларини ўзгартиришлари ва қайд варақасини қайта юклаб олишлари мумкин. Қайд варақасининг қуйи қисмида тест синови учун тўловни амалга ошириши керак бўлганларга инвойс ҳосил бўлади. Тўловни амалга ошириш билан рўйхатдан ўтиш жараёни якунланади. Тўловни бир нечта электрон тўлов тизимлари ёки банк кассалари орқали амалга ошириш мумкин.
Бунда ногиронлиги бўлган шахслар, тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар, “Ижтимоий ҳимоя ягон реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар ва уларнинг фарзандлари, “Ёшлар дафтари”га киритилганлар ва таълим муассасаларини жорий йилда тугатган абитуриентлардан тўлов ундирилмайди.