Ҳайдовчилар диққатига! Ўзбекистонда 360°да қоидабузарликларни аниқлаш бошланди — видео

Энди махсус қурилма ёрдамида йўлларда автомобилларнинг 7 та қоидабузарлик ҳаракати аниқланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. Бугундан бошлаб Тошкент вилоятида 360°да қоидабузарликларни аниқловчи қурилма ишга туширилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати ҳавсизлиги хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, вилоятдаги автомобил йўлларида ЙПХ ходимларига бириктирилган хизмат автомобилларига ўрнатилган 360°да қоидабузарликларни аниқловчи махсус қурилма ишга тушурилди.
Бундан мақсад - республика ҳудудида ЙТҲларни олдини олиш, қоидабузарликларга чек қўйиш ва ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш.
Янги қурилма йўлларда автомобилларнинг 7 та қоидабузарлик ҳаракатини аниқлайди.
Қурилма тўхтаб турганда ва ҳаракат давомида ҳам қуйидаги қоидабузарликларни аниқлайди:
ўзи билан бир йўналишда ва қарама-қарши йўналишдаги транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан тўхташ ва тўхтаб туриш;
ҳаракатланиш тезлигини меъёридан ошириш;
светофорнинг тақиқловчи чироғига амал қилмаслик (тўхташ чизиғини босиш);
йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши;
йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этмаслик;
йўналишли транспортлар ҳаракати учун мўлжалланган тасмаларга ўтиб ҳаракатланиш ёки тўхташ тартиби ва ушбу тасмада белгиланган талабларни бузиш;
давлат рақам белгиси орқали автомобиль қидирувда ёки йўқлигини аниқлайди.
Хабарда барча ҳайдовчилардан қоидаларга риоя қилишлари сўралган.