Ҳаж визаси кимларга берилади — Диний қўмита фирибгарларга алданиб қолмасликни сўради

Ўзбекистон учун ажратилган ҳаж квотаси фақатгина давлат томонидан ташкил этиладиган Ҳаж сафарига отланган зиёратчиларга ажратилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. Саудия Арабистонида Ҳаж амалларини бажариш учун “Ҳаж-2023” визаси бўлиши шарт, дея хабар берди Дин ишлари бўйича қўмита.
Айтилишича, ижтимоий тармоқларда Ҳаж қилишга чақирувчи жимжимадор сарлавҳали рекламалар кўпаймоқда. Айримлар Умра, туристик ва бизнес виза билан Ҳаж қилишни ваъда қилмоқда.

“Аммо бунинг имкони йўқ. Ёдингизда тутинг! Саудия Арабистонида Ҳаж амалларини бажариш учун сизда “Ҳаж-2023” визаси бўлиши шарт”, - дейилади хабарда.

Ўзбекистон учун ажратилган ҳаж квотаси фақатгина Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси томонидан ташкил этиладиган Ҳаж сафарига отланган зиёратчиларга ажратилган.
Муборак сафарларга ноқонуний йўллар билан боришга интилиш Саудия Арабистонидан депорт қилиш ва Саудия Арабистонига ҳар қандай виза билан 10 йил муддатга киришни тақиқлаш ҳамда 100.000 саудия риёли (26.000 доллар) миқдорида жарима солишга олиб келади.
Биргина 2022 йил Ҳаж масумида 500 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси туристик ва бизнес виза орқали Саудия Арабистонига ташриф буюриб, Ҳаж ибодати майдони “Машоир”га кира олишмаган.
Ҳаж мавсуми арафасида зиёрат виза (туристик) олган ҳолда Бирлашган Араб Амирликлари ва Иордания давлатлари орқали келган 1500 нафарга яқин фуқаролар эса Саудия Арабистони ҳудудига киритилмаган. Жумладан, 155 нафар фуқаролар Подшоҳлик ҳаж қонунчилигини бузганлик учун Саудия Арабистонидан 10 йил муддатга депортация қилинган.