ҚОЗОН, 19 май — Sputnik. Россия ва мусулмон давлатлари позициялари бир-бирига мос келади, деди Татаристон президенти Рустам Минниханов Қозон форумининг ялпи мажлисида. Sputnik мухбири хабарига асосан.
"Россия Федерацияси ва мусулмон давлатларининг позицияси бугунги кунда дунё тараққиётининг кўплаб масалаларида бир-бирига мос келади. Глобал беқарорлик шароитидаги ҳамкорлигимиз маданиятлар ва қадриятлар хилма-хиллиги билан адолатли дунё тартибини ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди", - деди республика раҳбари.
Шунингдек, Татаристон раҳбари айтишига кўра, Россия Ислом Ҳамкорлиги ташкилотига аъзо давлатлар билан уларнинг ижтимоий-сиёсий тузилмалари ва анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятларини ҳурмат қилган ҳолда ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилади.
"Бугунги вазиятда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, товарларни логистика билан таъминлаш занжирларини асосли равишда қайта қуриш, жумладан экспорт оқимини тиклаш, импорт ўрнини босиш ва мамлакатларда технологик суверенитетни мустаҳкамлаш бўйича ишлар, халқаро транспорт йўлаклари фаолиятини такомиллаштириш, қўшма инвестиция лойиҳалари амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга", — деди Минниханов.
Россия-Ислом дунёси: KazanForum 2023 — Россия Федерацияси ва ислом дунёси мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг асосий платформасидир.
Биринчи марта Россия ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо мамлакатларнинг Халқаро иқтисодий форуми 2009 йилда ўтказилган бўлиб, ҳамкорликни муҳокама қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун етакчи халқаро платформа яратди.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг топшириғига мувофиқ “Россия – Ислом олами: КазанФорум” халқаро иқтисодий форуми федерал мақомга эга бўлди. Қозондаги тадбир нафақат Россия ҳудудлари, балки хорижий давлатлар учун ҳам катта аҳамиятга эга.