ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Ўзбекистондаги боғчаларда ўтказиладиган ҳар қандай тадбирлар учун пул йиғиш қатъиян ман этилади. Бу ҳақда Мактабгача таълим агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, боғчалардаги таъмирлаш, турли тадбирлар (Хайр, боғча) ва байрамлар учун пул йиғиш қатъиян ман этилади.
Агар боғчаларда маблағ йиғиш билан боғлиқ ҳолатлардан хабардор бўлган ота-оналардан (71)-207-04-07 ишонч телефонига мурожаат қилиш сўралган.
Маълумот учун, ҳозирда мамлакатда 30 мингга яқин мактабгача таълим ташкилотларида 2 миллиондан зиёд ўғил-қиз тарбияланмоқда. Сўнгги беш йилда 422 та давлат боғчаси қурилиши ҳамда 21 мингдан ортиқ нодавлат муассасалар очилиши ҳисобига 1 миллион 200 минг ўрин яратилган. Тизимга болаларни қамраб олиш кўрсаткичи 72 фоизга етган.