Сурхондарёда тез ёрдам шифокорлари электроскутерлардан фойдаланишни бошлади

Вилоят тиғиз пайтда беморларга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш масаласига инновацион ечим топди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Сурхондарё вилоятида тез ёрдам шифокорлари синов тариқасида электроскутерлардан фойдаланишни бошлади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Республика тез тиббий ёрдам маркази Сурхондарё вилояти филиалига бир кунда ўртача 3000 дан зиёд чақириқ келиб тушади. Мурожаатларнинг аксарияти 17:00 дан тунги 01:00 га қадар бўлган вақт оралиғига тўри келади.
“Албатта, бундай тиғиз пайтда беморларга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис вилоят тез ёрдам хизматида бу масалага инновацион ечим сифатида электроскутерлардан фойдаланиш йўлга қўйилди”, - дейилган хабарда.
Электроскутер тирбандликлар ва ҳаракатланиш қийин бўлган жойларда осон юра оладиган транспорт воситаси эканини таъкидланган.

ССВ бу эса шифокорларнинг белгиланган манзилга кечикмай етиб бориши ва оғир бўлмаган беморларга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатишига хизмат қилишига ишонч билдирган.