Ўзбекистон Хитойдан хавфли дорилар сотиб олгани ҳақидаги хабар рад этилди

Ижтимоий тармоқларда 60 ёшдан ошганларга хавфли дорилар тарқатилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. ССВ мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 60 ёшдан ошган одамлар орасида хавфли дори воситалари тарқатилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Хитойдан катта миқдорда дори воситалари сотиб олгани, таблетка кўринишидаги ушбу препаратлар Ўзбекистон бўйлаб 60 ёшдан ошган аҳоли вакилларига берилиши, аммо улар инсон организми учун хавфли экани ҳақида хабарлар тарқалган.
Вазирлик мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдириб, хабарлар мутлақо уйдирма ва ҳақиқатга зид эканлигини қайд этди.

"Шу кунларда мамлакатимизга Хитой давлатидан катта миқдорда дори воситалари олиб келингани ҳақидаги хабарлар мутлақо ёлғон. Одамлар орасида турли ваҳима ва хавотир уйғотиш мақсадида тарқатилаётган хабарлар бўхтон ва сафсатадан бошқа нарса эмас”, - дейилади хабарда.

Шу боис вазирлик аҳолидан бундай фейк хабарларга ишонмасликни, тиббиёт соҳаси билан боғлиқ энг тўғри ва асосли маълумотларни вазирликнинг расмий веб-сайти ҳамда телеграмдаги саҳифаси орқали олишлари мумкинлигини эслатиб ўтди.