Россияда миграцияга оид қонун лойиҳасини тайёрлаш ишлари якунланди - нималар ўзгаради

Россияда миграция билан боғлиқ барча маъмурий жараёнлар электронлаштирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Россия Федерацияси ҳукумати чет эл фуқароларининг Россияга кириши, чиқиши ва бўлиши шартларини тартибга солувчи қонун лойиҳаси устида ишлашни якунламоқда. Бу ҳақда "Мусофир" Telegram-канали мамлакат Вазирлар Маҳкамаси хабарига таянган ҳолда маълум қилди.
“Ҳозирда ҳукумат президент томонидан тасдиқланган 2023-2025 йилларга мўлжалланган Давлат миграция сиёсати концепциясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини, шунингдек, чет эл фуқароларининг Россияга кириши, чиқиши ва бўлиши шартларини тартибга солувчи федерал қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни якунламоқда. Ушбу ҳужжатларга асос бўлган таклифлар федерал ҳокимият органлари томонидан вилоятлар раҳбарлари ва экспертлар иштирокида тайёрланган”, — дейилади ҳукумат хабарида.
Таъкидланишича, Россияда миграция билан боғлиқ барча маъмурий жараёнлар электронлаштирилади. Шунингдек, яшаш ва ишлаш учун рухсатномаларни расмийлаштириш соддалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг октябрь ойидан Россияда вақтинча яшаётган хорижий давлат фуқаролари регистрацияни онлайн олишлари мумкин бўлади.