ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой янги темир йўл лойиҳаси бўйича қурилиш ишларини бошлаш бўйича меморандум май ойи охиригача имзоланиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев маълум қилди, дея хабар берди РИА Новости.
Самарқандда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда қайд этилишича, май ойида Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой янги темир йўл қурилиши бўйича мемарандум имзоланиши мумкин.
“Ўйлайманки, шу ой биз уч давлат ўртасида лойиҳани ишга тушириш бўйича меморандум имзолаймиз”, - дейди Ходжаев.
Ўтган йилнинг декабрь ойида хитойлик мутахассислар лойиҳа бўйича дала ишларини якунлашди.
Ходжаевнинг сўзларига кўра, лойиҳани тайёрлаш учун аллақачон кўп ишлар қилинган. “Ва биз техник-иқтисодий асослаш тугашини кутмоқдамиз”, — дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 15 сентябрь куни Самарқандда Ўзбекистон, Хитой ва Қирғизистон транспорт бўлимлари ўртасида “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган эди. Ҳужжат 2023 йилнинг биринчи ярмида лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлашни назарда тутади.