ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари Фарғона вилоятида устига тупроқ кўчиб тушган фуқарони қутқариб қолишди.
Қайд этилишича, 16 май куни соат 11:50 да Фарғона вилояти ФВБ навбатчилик қисмига Ёзёвон тумани Юқори Сойбўйи маҳалласида бир кишининг устига тупроқ кўчиб тушгани ҳақида хабар келиб тушган.
Бу ҳолат хандақ қазишда хавфсизлик қоидаларининг қўпол равишда бузиш натижасида содир бўлган. Воқеа жойига зудлик билан қутқарув отрядлари етиб келган.
“Кўчиб тушган тупроқ бир неча дақиқаларда олиб ташланди. Қайд этиш жоизки, қутқарувчиларга воқеага гувоҳ бўлган шахслар ҳам ёрдам кўрсатишган”, - дейилади хабарда.
Маълум бўлишича, жабрланувчи субпудратчи ташкилот ходими. У тан жароҳатлари олган. Шифокорлар унинг ҳаётига ҳеч нарса таҳдид солмаётганини қайд этишган.