Шукрулло Эгамбердиев Тошлоқ тумани бош имоми вазифасидан озод этилди

Аввалроқ имомнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бош имоми ва “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби Шукрулло Эгамбердиев лавозимидан озод қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси (ЎМИ) Ички назорат комиссияси халқ орасида “Шукрулло домла” деб танилган имом-хатиб Шукрулло Эгамбердиевнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари муҳокама қилган.
Йиғилишда имом-хатибнинг эътирозларга сабаб бўлган чиқишлари ва фикр-мулоҳазалари имомлик мақомига тўғри келмаслигига урғу берилган. Шукрулло Эгамбердиев мажлисда муҳокамага сабаб бўлган чиқишларида хатога йўл қўйганини эътироф этган ва узр сўраган.
Имом-хатиб келгусидаги фаолиятида бундай камчиликларга йўл қўймаслигини билдирди.
“Ўз навбатида, мазкур хатти-ҳаракатларга нисбатан ҳуқуқий баҳо бериб, тегишли чора кўрилиши муносабати билан имом-хатибни обрўсизлантириш ҳолатларидан сақланишни сўраймиз”, - дейилади ЎМИ хабарида.
Ички назорат комиссияси баён этилганларни инобатга олиб, Шукрулло Эгамбердиевга ҳайфсан интизомий жазоси бериш ва Тошлоқ тумани бош имоми вазифасидан озод этиш тўғрисида хулоса қилди.