Ўзбекистон Хитой тажрибаси асосида камбағалликни қисқартиради

Ушбу ишни амалга оширишда Ўзбекистон ушбу соҳада бой тажрибага эга бўлган Хитой амалиётидан ҳам фойдаланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 май - Sputnik. Ўзбекистон Хитой тажрибасига асосланган ҳолда камбағалликни қисқартиради. Бу ҳақида Шавкат Мирзиёев раислигида 15 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум бўлди.
Унда таъкидланишига кўра, ушбу ишни амалга оширишда Ўзбекистон, жумладан, ушбу соҳада бой тажрибага эга бўлган Хитой амалиётидан ҳам фойдаланади.
Хусусан, ҳар бир вилоятда камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. Бунда, камбағаллик юқори бўлган туманларда йўл-транспорт, электр, алоқа ва туризм инфратузилмасини яхшилаш, кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, маҳаллаларни саноатлаштиришга эътибор қаратилади. Энди ҳар йили тасдиқланадиган давлат инвестиция дастурлари ҳам шу асосда шакллантирилади, дейилади хабарда.
Мутасаддиларга танлаб олинган 14 та туманни камбағалликдан чиқариш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон сўнгги йилларда камбағаллик муаммосини ҳал қилишга астойдил киришган. Биринчи навбатда, аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағаллик борлиги тан олиниб, уни қисқартириш бўйича алоҳида тизим жорий қилинди.
Иккинчидан, 2023 йил бошида барча туманлар шароитига кўра 5 та тоифага ажратилиб, табақалашган енгилликлар берилди. Буларнинг натижасида ўтган йили 1 миллион нафар, бу йил биринчи чоракда 210 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилди.
Учинчидан, ҳар йили оилавий тадбиркорликка 13 триллион сўм кредит ва 1 триллион 500 миллиард сўм субсидиялар ажратилаяпти. “Ижтимоий ҳимоя реестри” орқали 2 миллион 300 минг муҳтож оила, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган фуқаролар моддий ёрдам билан қамраб олинди.
Амалга оширилган ишлар натижасида, охирги беш йилда Ўзбекистонда тадбиркорлар сони 285 мингдан 590 мингтага кўпайди.