Ғарб ва Россиянинг Марказий Осиёга муносабати тубдан фарқ қилади — Галузин

Россия дипломати Ғарбнинг сўнгги вақтларда Марказий Осиёдаги фаоллигини изоҳлаб берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 май – Sputnik. Россия ва Ғарбнинг Марказий Осиёга муносабати тубдан фарқ қилади, бу ҳақида “Валдай” халқаро мунозара клуби анжуманида Россия ташқи ишлар вазирининг МДҲ бўйича ўринбосари Михаил Галузин айтиб берди.

“Ғарб Марказий Осиё давлатларига Россия ва Хитойни жиловлаш воситаси сифатида қарайди ҳамда Европа ва Осиё ўртасидаги савдо йўлларида жойлашган ушбу муҳим чорраҳани назорат остига олишни истайди. Россиянинг эса ушбу муҳим ҳудудга муносабати бошқача. Биз учун бу қўшни минтақадир. У билан умумий тарих ва иттифоқчилик ва стратегик интеграцияга асосланган ўзаро манфаатли, тенг ҳуқуқли муносабатларнинг кўп босқичли ва кенг тармоқли тизими мавжуд. Шу ўринда рус тилининг миллатлараро алоқа воситаси сифатида ўрнини ҳам унутмаслик керак. Жумладан, Марказий Осиё миллатлари орасида ҳам”, — деди Галузин.

Маълумот учун, 2022 йилнинг февраль ойида махсус ҳарбий операция бошланганидан сўнг АҚШ бошчилигида Ғарб давлатлари Россияга нисбатан мисли кўрилмаган санкциялар киритди. Шу билан бирга улар бошқа давлатлар, жумладан, Россиянинг анъанавий ҳамкорлари бўлган Марказий Осиё давлатларидан санкцияларга қўшилишни фаол талаб қила бошлади.