ТОШКЕНТ, 15 май — Sputnik. Туркияда бўлиб ўтган президент сайловида номзодларнинг ҳеч бири сайловчиларнинг 50 фоиздан юқори овозини олмади. Шу боис мамлакатда сайловнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтади. Бу ҳақда Туркия Олий сайлов кенгаши (YSK) раҳбари Аҳмет Йенер маълум қилди.
“Президент сайловининг иккинчи босқичи якшанба, 28 май куни бўлиб ўтади”, - деди у Туркия телеканали эфирида. Унинг сўзларидан Sputnik Туркия иқтибос келтирган.
Йенернинг сўзларига кўра, маҳаллий вақт соат 15:15 ҳолатига кўра сайлов қутиларининг 100 фоизи очилган ва овозлар ҳисоблаб чиқилган. Унга кўра амалдаги давлат раҳбари Режеп Таййип Эрдоған сайловчиларнинг 49,51 фоиз, мухолифат етакчиси Кемал Қиличдарўғли 44,88 фоиз, “Ata” сиёсий блоки вакили Синан Оған 5,7 фоиз овозини олган.
Туркия Олий сайлов кенгаши раиси сайловда сайловчиларнинг 88,92 фоизи қатнашганини маълум қилди.
Туркия президенти сайловининг иккинчи босқичида Эрдоған ва Қиличдарўғли давлат раҳбари курсиси учун кураш олиб боради. Энг кўп овоз олган номзод ғолиб деб топилади.
Эслатиб ўтамиз, 14 май куни Туркияда президент ва парламент сайловлари бўлиб ўтди.