Тошкентда Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон темир йўл линияси қурилиши бўйича офис очилди

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон темир йўл линиясини қуриш лойиҳасини мувофиқлаштириш офисининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 май — Sputnik. 12 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон темир йўл линиясини қуриш лойиҳасини мувофиқлаштириш офисининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, лойиҳа офисининг ташкил этилишидан мақсад, лойиҳани техник-иқтисодий асослашни ишлаб чиқиш ва лойиҳанинг амалий бажарилишини тезлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни мувофиқлаштиришдир.
“Ўзбекистон республикаси президентининг ташаббуси билан 2018 йилдан буён изчил самарали ишлар олиб борилмоқда, лойиҳа офисининг очилиши эса томонларнинг лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш борасидаги ҳаракатларининг навбатдаги босқичидир”, – деди тадбирда иштирок этган Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев.
Афғонистон темир йўл бошқармаси раиси Бахтурраҳмон Шарафатнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида лойиҳа офисининг очилиши томонлар мутахассисларининг ишини бевосита юзма-юз шаклда янада самарали ташкил этиш имконини беради. Шунингдек, лойиҳани амалга оширишда Россия ва Марказий Осиёдан Жанубий Осиё мамлакатларига миллионлаб тонна табиий ресурслар ва бошқа товарларни ташиш имконияти пайдо бўлади.
11–12 май кунлари Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон темир йўл линиясини қуриш лойиҳасини янада ривожлантириш бўйича навбатдаги уч томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Унда томонлар лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.