ТОШКЕНТ, 15 май — Sputnik. Ўзбекистон ва Қирғизистон икки давлат қутқарув идоралари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиради. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тегишли ҳужжатни Ўзбекистон ва Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлари Абдулла Қўлдошев ва Бообек Ажикеев имзолади.
Ажикеевнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида икки давлат қутқарув идоралари раҳбарлари трансчегаравий фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этишда ҳамкорлик қилиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқладилар.
Мазкур ҳужжат 9 банддан иборат. Ундан қўшма машғулотлар, семинарлар, ахборот алмашиш тизимини такомиллаштириш ва бу борадаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар жой олган.