ТОШКЕНТ, 15 май — Sputnik. Жорий йилнинг июнь-июль ойларида Боку шаҳрида “Ўзбекистон маданият кунлари” ўтказилади. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Озарбайжон Маданият вазири Адил Керимли билан учрашувда бунга келишилди.
9-12 май кунлари Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлиги делегацияси “Шуша – Турк дунёсининг маданият пойтахти” деб эълон қилингани муносабати билан Озарбайжонда ўтказилган тадбирларда иштирок этди.
Хусусан, халқаро “Ҳарибулбул” фестивалида “Навбаҳор” ҳамда “Айқулаш” давлат ашула ва рақс ансамбллари ўз чиқишлари билан ўзбек санъатини ёрқин намойиш этди.
Шунингдек, анжуман доирасида туркий давлатлар ошпаз ва хунармандлари томонидан кўргазма ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ошпазлар ва Ҳунармандлар уюшмалари вакиллари иштирокида Ўзбекистон миллий павильонининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Сафар давомида Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков Халқаро турк маданияти ва мероси жамғармаси президенти Гунай Эфендиева билан учрашди. Мулоқот чоғида ушбу жамғарма билан ҳамкорлик алоқаларини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.