Туркияда президентлик ва парламент сайловлари ўтказилмоқда

Сайловнинг якуний натижалари 19 май куни эълон қилиниши кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 май — Sputnik. Туркияда президентлик ва парламент сайловлари учун сайлов участкалари очилди, деб ёзмоқда “Hurriyet” газетаси.
Овоз бериш участкалари маҳаллий вақт билан соат 17:00 гача ишлайди.
Олий сайлов комиссиясига кўра, 81 вилоятда 191 мингдан ортиқ сайлов қутилари ўрнатилган. 60 721 475 нафар фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга.
Хорижий сайлов участкаларида овоз бериш 27 апрелдан 9 майга қадар давом этди. Унда 1,8 миллиондан ортиқ киши иштирок этди.
Давлат раҳбари лавозимига уч номзод – амалдаги президент Ражаб Тойиб Эрдоған (“Адолат ва тараққиёт партияси”), олтита мухолифат партиясидан ягона номзод Кемал Қиличдорўғли (“Республика халқ партияси”) ва “Ata” альянсидан Синан Ўған курашмоқда.
Парламентдаги ўринларга 24 та сиёсий партия ва 151 та ўз-ўзини кўрсатган номзодлар мавжуд.
Сайловнинг якуний натижалари 19 май куни эълон қилиниши кутилмоқда.