Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева вафот этди

Ойдин Ҳожиева 2023 йил 13 май куни 81 ёшида оламдан ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 май — Sputnik. Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева 81 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси хабар берди.
“Ўзбекистон халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳибаси, таниқли шоира Ойдин Ҳожиева 2023 йил 13 май куни 81 ёшида оламдан ўтди”, - дейилади хабарда.
Ойдин Ҳожиева 1942 йили Навоий вилояти, Қизилтепа тумани, Бўстон қишлоғида туғилган. 1966 йили Тошкент Давлат университетининг филология факультетини тугатган.
Ойдин Ҳожиева 1965-1976 йилларда “Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим, бўлим мудири, 1976-1985 йиллар “Саодат” журналида бўлим мудири, 1985-1995 йилларда “Гулхан”, 1995 йилдан эса “Саодат” журнали бош муҳаррири лавозимида фаолият юритган.
Ойдин Ҳожиеванинг биринчи шеърий тўплами 1970 йилда “Шабнам” номи билан чоп этилган. Сўнгра унинг 1972 йилда “Мен севган қўшиқ”, “Зар кокил қиз ва қуёш”, 1975 йилда “Манзиллар”, 1977 йилда “Наво”, 1978 йилда “Тароват”, 1979 йилда “Бувисининг ўз қизи”, 1980 йилда “Достонлар”, “Тамал тоши”, 1989 йилда “Сайланма”, 1991 йилда “Нажот”, “Олисдан келган овоз” каби кўплаб шеърий китоблари дунё юзини кўрган.
2022 йилда Ойдин Ҳожиева таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан “Танланган асарлар” китоби нашр этилган.
У таржимон сифатида Шандор Петефи, А.Мцкевич, Ованес Туманян, Файз Аҳмад Файз, Эди Огнецвет, Римма Казакова, Фариза Унгарсинова, Ойжамол Омарова, Гулрухсор, Ибройим Юсупов, Марямхон Абулқосимова ва бошқа кўплаб жаҳон ва қардошлар халқлар адабиёти намояндаларининг достон, баллада ва туркум шеърларини ўзбек тилига ўгирган. Шоиранинг шеърлари рус, беларусь, француз, инглиз, украин, қозоқ, қирғиз, тожик ва урду тилларида нашр этилган.
Ойдин Ҳожиева 1992 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони, 1975 йилда Ёшлар Иттифоқи мукофоти, 1999 йилда “Эл-юрт ҳурмати”, 2021 йилда “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.