Ўзбекистон президенти сайлови — 2023

Сиёсий партиялардан ваколатли вакиллар рўйхатга олинди

Ўзбекистондаги 5 та сиёсий партия раҳбарлари тавсия этган ваколатли вакиллар рўйхатга олинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 май — Sputnik. Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган муддатидан илгари президент сайловида иштирок этувчи сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари рўйхатга олинди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Марказий сайлов комиссияси Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партияси раҳбарлари тавсия этган ваколатли вакилларга тегишли ҳужжатларни кўриб чиқди.
Ваколатли вакилларни рўйхатга олиш ҳамда уларга белгиланган шаклдаги гувоҳнома (мандат)ни бериш ҳақида қарор қабул қилди.
Ўзбекистон президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.
Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари шахсини тасдиқловчи, сиёсий партия томонидан берилган ҳужжатларни ва тегишли сайлов комиссиясининг мандатини ўз ёнида олиб юриши шарт.
Сиёсий партия ўзининг ваколатли вакили рўйхатга олинганлик гувоҳномасини олганидан кейингина сайловчиларнинг имзосини тўплашга ҳақли.
Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистонда 5 та сиёсий партия, хусусан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” Демократик партияси, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП), Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон экологик партияси бор.
Муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайлови 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтади.