ТОШКЕНТ, 12 май — Sputnik. Руслан Нурудинов Жанубий Кореяда оғир атлетика бўйича бўлиб ўтган Осиё чемпионатида чемпион бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Оғир атлетикачи Руслан Нурудинов (-109 кг) даст кўтариш машқида 177 кг билан олтин медалга сазовор бўлди. Силтаб кўтаришда жаҳон рекорди соҳибига бу сафар олтин медаль учун 228 кг етарли бўлди.
Шу тариқа, Руслан иккикураш натижасига кўра 405 кг билан энг яқин таъқибчисини 6 килога ортда қолдириб, бу вазн тоифасида барча рақибларидан устун эканлигини яна бир исботлади.
Қайд этиш жоизки, Руслан Нурудинов 2012, 2013 ва 2020 йилларда ҳам Осиё чемпиони унвонига сазовор бўлганди.
Аввалроқ оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатида Ригина Адашбаева кумуш ва бронза медалларига эга чиққани хабар қилинган эди.