ТОШКЕНТ, 12 май — Sputnik. Қурбон ҳайитининг эҳтимолий санаси 28 июнь бўлиши мумкин. Бу ҳақида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази Sputnik мухбирига маълум қилди.
Хабарга кўра, Қурбон ҳайити байрамининг аниқ санаси янги ой чиқишига қараб, ЎМИ Уламолар кенгаши қарорига асосан байрамдан 10 кун олдин расман эълон қилинади. Бу тахминан июнь ойининг охирги кунларига тўғри келади. Эҳтимолий сана 28 июнь бўлиши мумкин.
Маълумки, байрам санасини белгилаш ва нишонлашда шариатда янги ой чиқишига қаралади. Рамазон ҳайитидан 70 кунлар ўтиб, зулҳижжа ойининг бошланишида тахминан ўнинчи саналарга тўғри келади.
Нима учун мусулмонлар муҳим саналарни ой чиқишига қараб белгилайди?
Нима учун мусулмонлар муҳим саналарни ой чиқишига қараб белгилайди?
Мусулмонларнинг оммавий қиладиган бундай ишлари беҳикмат эмас, албатта. Бундай қилишнинг ўзига хос бир неча сабаблари бор. Улардан асосан учтасини келтирамиз:
1. Ой борлиқдаги энг катта аломат саналади. Бундай катта аломатни кўриб ишларимизни белгилаб олишимизда мусулмонларда ҳар бир нарса очиқ-ойдин бўлишини, ҳеч ким ҳеч нарса ўзгартира олмаслигини таъминлайди.
2. Ой ҳар йили ўн-ўн икки кун олдинга сурилиб келади. Бу билан ҳар ўттиз уч йилда Рамазон рўзаси йилнинг ҳамма фаслларида, барча вақтида ўтиши имконияти пайдо бўлади. Бу эса турли шароитда рўза тутишни таъминлайди.
3. Ойни кўриб рўза тутиш, уни кўриб рўзани тугатиш барча мусулмонларга бир хил ҳукм бўлиб, бу уларнинг бирдамлик, иттифоқлик рамзидир.