ТОШКЕНТ, 12 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатда бўлиб турган Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон-Тожикистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев
© Пресс-служба президента Узбекистана
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
“Ўзаро савдо ва юк ташиш ҳажми ортмоқда, муваффақиятли кооперация лойиҳалари кўпаймоқда. Яқин ҳудудлараро алоқалар йўлга қўйилган, маданий-гуманитар алмашинувлар фаол амалга оширилмоқда”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, бугун Тошкентда икки мамлакат бош вазирлари раислигида ўтказилган қўшма Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши қарорларини амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.