ТОШКЕНТ, 11 май — Sputnik. Покистонда норозилик намойишчиларининг полиция билан тўқнашувлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони ўн кишига етди. Бу ҳақда “Синхуа” агентлиги хабар бермоқда.
“Покистонда собиқ бош вазир Имрон Хон ҳибсга олинишидан кейин норозилик намойишчилари ва полиция ўртасидаги тўқнашувлар оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди ва 1750 нафардан зиёд киши ярадор бўлди”, - дейилган хабарда.
Покистон шаҳарларида норозилик намойишлари 9 май куни собиқ бош вазир ва “Адолат учун ҳаракат” (“Теҳрики Инсаф”) партияси етакчиси Имрон Хоннинг “Ал-Қодир” иши бўйича ҳибсга олинишидан кейин бошланиб кетди. Тергов маълумотларига кўра, собиқ бош вазир рафиқаси ва партияси етакчилари билан “Ал-Қодир университети” учун траст ташкил этишган ва ўз хатти-ҳаракатлари билан давлат бюджетига 50 миллиард рупийлик зарар етказишган.