ТОШКЕНТ, 11 май — Sputnik. Қатарда футбол бўйича миллий терма жамоалар ўртасидаги Осиё кубоги гуруҳ босқичига қуръа ташланди.
Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон "B" гуруҳидан жой олди. Мазкур гуруҳда “оқ бўриларга” Австралия, Сурия ҳамда Ҳиндистон термалари рақиблик қилади.
Ўзбекистон биринчи ўйинни 13 январь куни Сурияга қарши ўтказади. 19 январь куни Ҳиндистон, 25 январь куни эса Австралия жамоалари билан куч синашади.
Осиё кубоги мусобақалари 2024 йил 12 январдан 10 февралга қадар Қатарда бўлиб ўтади. Унда 24 та жамоа ғолиблик учун куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, Осиё кубоги—2023 мусобақаси Хитойда бўлиб ўтиши кўзда тутилган эди. Аммо мамлакатдаги COVID-19 пандемияси сабаб Хитой уни ўтказишдан бош тортган. Кейин уни Қатарда ўтказишга қарор қилинди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси муддатидан илгари 2023 йилда футбол бўйича бўлиб ўтадиган Осиё кубогига йўлланма олган. Ўзбекистон кетма-кет 8 марта Осиё кубогида иштирок этади.