ТОШКЕНТ, 11 май — Sputnik. Шу йилнинг октябрь ойидан Россияда вақтинча яшаётган хорижий давлат фуқаролари регистрацияни онлайн олишларии мумкин бўлади. Бу ҳақда Россия президенти тегишли қарорни имзолади, дея хабар берди "Мусофир" Telegram канали.
Миграция ҳақидаги қонунга ўзгаришлар киритиш ҳақидаги қонун Россия президенти Владимир Путин томонидан 28 апрель куни имзоланди. Ҳужжат 180 кун ўтиб кучга киради.
Ҳужжатга кўра, уй эгаси ”Госуслуги“ орқали мигрантга онлайн регистрация қилишга розилик бериши керак. Хабарнома (уведомление) миграция идорасига автоматик юборилади.
Яъни мигрант ”Госуслуги“ портали орқали онлайн регистрация қилиши мумкин бўлади:
ушбу ҳуқуқ чет элликларга октябрь ойи охиридан бошлаб берилади;
уй ижараси шартномасини тузишда хабарномани уй эгасининг розилигисиз, мустақил (шахсан ёки электрон шаклда) тақдим этиш мумкин бўлади.
Уй-жой эгаларига онлайн хабарнома юбориш учун булар талаб этилади:
Ягона давлат ва коммунал хизматлар порталида шахсий кабинет очиш;
Ягона идентификация ва аутентификация тизими (ЕСИА) да рўйхатдан ўтиш.
Эндиликда мигрантлардан регистрация бланкининг оригинали талаб этилмайди. Унинг нусхасини олиб юриш кифоя бўлади.
Маълумот учун, 2022 йилда меҳнат мигрантларига Россия ҳудудини тарк этмасдан туриб "келишдан мақсади"ни ўзгартиришга имкон берилган. 2023 йил бошидан бошлаб эса меҳнат мигрантлари ва унинг оила аъзоларига Мажбурий тиббиёт суғуртаси (ОМС) олиш имкони пайдо бўлди.
Шунингдек, Россия ИИВ 2023 йилнинг март ойида меҳнат мигрантларига ишлашга рухсат берувчи ҳужжат - патентнинг амал қилиш муддатини 1 йилдан 3 йилгача узайтириш ҳақида қонун ишлаб чиқаётганини ҳам маълум қилган эди.