ТОШКЕНТ, 11 май — Sputnik. Буюк Британиянинг Киев режимига узоқ масофага учувчи ракеталарни етказиб бериши Россия ҳарбийларидан тегишли муносиб жавобни талаб қилади. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
Песков Кремль Лондоннинг Киевга узоқ масофага учувчи ракеталар етказиб берганига “ўта салбий” муносабат билдирганини таъкидлади.
“Бу ҳарбийларимиздан тегишли муносиб жавоб талаб қилади. Улар, табиийки, ҳарбий нуқтаи назардан бунга тегишли қарор қабул қилишади”, - деди Россия етакчиси матбуот котиби. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирган.
Аввалроқ CNN телеканали ўз манбаларига таяниб, Британия Украинага “Storm Shadow” узоқ масофага учувчи қанотли ракеталар етказиб берганини хабар қилган эди. Киев Лондонни ракеталар фақат Украина ҳудудида қўлланилишига ишонтиришган.
Россия Украинага қурол етказиб берилгани учун НАТО давлатларига нота юборган. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина учун қурол бўлган ҳар қандай юк Россия учун қонуний нишонга айланишини қайд этди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги НАТО давлатлари Украинага қурол етказиб бериш орқали “ўт билан ўйнашмоқда”, дея таъкидлаган.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Украинага Ғарбдан қурол-яроғ етказиб бериш Россия-Украина музокараларининг муваффақиятига ҳисса қўшмаслиги ва салбий таъсир кўрсатишини қайд этган.
Лавровнинг айтишича, АҚШ ва НАТО Украинадаги можарода, жумладан, “нафақат қурол-яроғ етказиб бериш, балки Буюк Британия, Германия, Италия ва бошқа давлатлар ҳудудидаги ходимларни тайёрлаш билан ҳам бевосита шуғулланади”.