ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. Ғарб “ўзиникилар” сафига киришга бўлган Россиянинг ситқидилдан уринишларини қатъиян рад этиб, 2022 йилда қайноқ урушга айланган совуқ урушни янги куч билан давом эттиргач, Россия учун “ҳақиқат онлари” етиб келди. У 2023 йил 31 мартдаги янги Ташқи сиёсат концепциясида ўз ифодасини топган бўлиб, Россия асосий эътиборини расман жануб ва шарққа – яқин хориж мамлакатлари ва бирлашмаларига қаратади.
Россия раҳбариятининг нуфузли меҳмонлар билан май ойидаги учрашувлари натижалари кейинроқ маълум бўлади. Ҳозирда эса аниқ айтиш мумкинки, Россия дипломатияси ва ташқи иқтисодий сиёсатининг мўрт ва самарасизлиги ҳақидаги машҳур афсоналарга зид равишда Ғарбий фронтда мавжуд бўлиш ҳуқуқини ҳимоя қилган ҳолда Россия “яқин хорижий” фронтда юмшоқ, қаттиқ, суюқ ва газсимон кўринишдаги куч мўъжизаларини кўрсатмоқда.
Масалан, Беларус билан муносабатларда Россия асосий мақсади ягона иқтисодий макон бўлган Иттифоқ давлатини яратиш лойиҳаси жадал суръатларда амалга оширилмоқда. 2022 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 50 миллиард долларни ташкил этиб, тарихий рекорд даражага етди ва келгуси 3-5 йил ичида бу кўрсаткични икки бараварга ошириш режалаштирилган. Иқтисодиётнинг барча соҳалари, жумладан, молия, транспорт, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилишнинг айрим йўналишларини қамраб олган 28 та иттифоқ дастури фаол амалга оширилмоқда. Тўлов тизимлари тўлиқ интеграциялашган ва энди Ғарб тизимларига боғлиқ эмас.
Қозоғистон билан муносабатларда ҳам рекорд кўрсаткичга эришилди – икки давлат муносабатлари тарихида биринчи марта товар айирбошлаш ҳажми 26,1 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткични яқин келажакда 30 миллиардга етказиш режалаштирилган. Россия Қозоғистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори бўлиб, давлатнинг юқори вакиллари баёнотига кўра, Москва билан стратегик ҳамкорлик ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Тинч атом, газ, транзит-транспорт ва логистика соҳаларида Россия-Қозоғистон лойиҳалари кенг кўламли кўриниш олди.
Марказий Осиёнинг ривожланиш локомотивларидан бири деб аталадиган Ўзбекистон билан алоқалар жадал давом этмоқда. 2022 йил якунига кўра, Россия Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шеригига айланди ва мамлакатлар ўртасида товар айирбошлаш барқарор ўсиб бормоқда: 2021 йилдаги 6,9 миллиард доллардан 9,28 миллиард долларгача ўсиш кузатилди. Республикада умумий қиймати 20 миллиард доллар атрофида икки юзга яқин лойиҳа ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги Жанубий Кавказдан ягона давлат – Арманистон ҳам дўстона давлатлар қаторида. Ўтган йили Россия Арманистон учун асосий бозорга айланди; товар айирбошлаш ҳажми икки баравар кўпайди ва беш миллиард долларга етди, мамлакатлар эса рублда ҳисоб-китобларга тўлиқ ўтди.
Қирғизистон билан ўзаро савдо айланмаси ҳам 3,5 миллиард долларни ташкил этиб, бу тарихий кўрсаткичга айланди. Владимир Путиннинг сўзларига кўра, “сўнгги бир йилда – савдо ҳажми 37 фоизга ўсди. Россия энг йирик инвестор бўлиб, биз тўғридан-тўғри инвестициялар бўйича биринчи ўриндамиз ва ишончимиз комилки, бу тенденция фақат кучаяди, ўсади”.
Тожикистон билан товар айирбошлаш ҳажми 18 фоизга ошди ва 1,5 миллиард долларни ташкил этди, бу сўнгги 20 йилдаги рекорд даражадир. Асосий инвесторлардан бири бўлган Россия Афғонистонга нисбатан қўшни ҳудуддаги республика қуролли кучларини модернизация қилмоқда ва мувофиқлаштирилган хавфсизлик сиёсатини олиб бормоқда. Россиянинг хориждаги энг йирик ҳарбий объекти – 201-база айнан Тожикистонда жойлашган.
Россия-Туркманистон муносабатлари ҳам ўсиш даврини бошдан кечирмоқда: товар айланмаси бир миллиард долларга яқин. Энг юқори даражада турли соҳаларда 20 тага яқин йўналишни амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, бунда “Шимол-Жануб” транспорт коридорини ривожлантириш муҳим мақсадлардан бири ҳисобланади.
Ташқи сиёсатнинг янги концепциясида Россия биринчи марта расман ўзини “ўзига хос давлат-цивилизация” деб кўрсатди. Ўтмишдаги кўплаб буюк цивилизациялар таназзулга учраган, аммо биз Россиянинг шонли ўтмишига муносиб келажаги борлигига ишонамиз. Бу келажакнинг иштирокчилари эса янги адолатли дунё учун елкама-елка курашишга тайёр бўлган Россияга дўст халқлар ва миллатлар бўлади.