Доналд Трамп журналист аёлни зўрлашга уринишда айбдор деб топилди

АҚШ суди Доналд Трампни журналист Жин Керроллни зўрлашга уринишда айбдор деб топди – CNN.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. Нью-йорк суди Доналд Трампни журналист Жин Керроллни зўрлашга уринишда айбдор деб топди.
Суд даъвони ҳал қилиш доирасида жабрланувчига 2 миллион доллар тўлашга, шунингдек, аёлга туҳмат ва обрўсига путур етказгани учун яна 3 миллион доллар товон тўлаш бўйича ҳукм чиқарди.
Трамп ҳукмни шармандалик ва “барча замонлардаги энг катта жодугар овининг давоми” деб атади.
Жин Керролл собиқ АҚШ президентини 1996 йилнинг баҳорида Манхеттен марказидаги Бешинчи авенюдаги ҳашаматли Бергдорф Гудман дўконининг кийиниш хонасида зўрлаганликда айблади. Даъво 2022 йил ноябр ойида берилган. Ўша ойда Трамп 2024 йилда президентликка номзодини қўйиш ниятида эканлигини маълум қилганди.
Журналист Жин Керрол 2022 йил ноябр ойида АҚШнинг Нью-Йорк штатида кучга кирган янги қонун бўйича судга мурожаат қилди. Ушбу қонунга кўра, жинсий зўравонлик қурбони узоқ муддат аввал содир этилган жиноятлар учун ҳам судга мурожаат қилиши мумкин.