ТОШКЕНТ, 9 май — Sputnik. Янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш доирасида қилинган ишлар йилига камида икки маротаба танқидий муҳокама қилиб борилади. Бу ҳақда 8 май куни президент томонидан имзоланган фармонда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра қўйидаги Давлат комиссияси ва экспертлик кенгашлари тузилди:
Янги таҳрирдаги Конституциянинг устувор ғояларини рўёбга чиқариш ва нормаларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича Давлат комиссияси;
Янги таҳрирдаги Конституциядаги суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат принципларини изчил амалга ошириш бўйича экспертлик кенгашлари.
Давлат комиссияси Конституция ва дастурни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини таъминлайди.
Давлат органлари ва ташкилотлари, экспертлик кенгашларининг Конституция ва дастурни амалга ошириш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради.
Конституция ва дастурни амалга оширишда кенг жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари, илмий доиралар ва хорижий экспертлар иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратади.
Конституцияни амалга ошириш доирасида қилинган ишларни кенгайтирилган тарзда йилига камида 2 маротаба танқидий муҳокама қилиб боради ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари, экспертлик кенгашлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади.
Экспертлик кенгашлари 2024 йил 1 январга қадар ўрта ва узоқ истиқболли суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни ривожлантириш концепциялари ишлаб чиқади.
Конституция ва дастурнинг амалга оширилиши юзасидан ҳар чоракда Давлат комиссиясига ҳисобот киритиб боради.