Келдиёрова Ўзбекистон тарихида ЖЧ медалини олган илк аёл дзюдочига айланди — видео

Келдиёрова жаҳон чемпионатининг кумуш медали билан бирга қимматли 1400 рейтинг очкосига ҳам эга чиқди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 май — Sputnik. Диёра Келдиёрова Ўзбекистон тарихида жаҳон чемпионати медалини қўлга киритган илк аёл дзюдочига айланди. Бу ҳақда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги хабар берди.
Дохада ўтказилаётган 36-жаҳон чемпионатининг иккинчи куни ҳам терма жамоа учун омадли келди.
-52 кг вазн тоифасида мамлакат шарафини ҳимоя қилган Диёра Келдиёрова финалга қадар мағлубиятсиз етиб келиб, Ўзбекистон дзюдоси тарихида жаҳон чемпионати медалини қолга киритган илк аёл дзюдочига айланди.
Келдиёрова жаҳон чемпионатининг кумуш медали билан бирга қимматли 1400 рейтинг очкосига ҳам эга чиқди.
У ҳал қилувчи финал беллашувида амалдаги Олимпиада ва жаҳон чемпиони, япониялик Ута Абега имкониятни бой бериб қўйди.
Эслатиб ўтамиз, Қатарда ўтаётган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатининг биринчи кунида Ўзбекистон терма жамоасидан Дилшодбек Баратов -60 кг вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритди. Ушбу натижа эвазига спортчи дунё ва Париж-2024 Олимпиадаси рейтинги учун ўз ҳисобига 1400 очко қўшиб қўйди.