ТОШКЕНТ, 9 май — Sputnik. Бугун ҳам Тошкентда ўтказилаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар вакили рингга кўтарилади, дея хабар берди Миллий олимпия қўмитаси.
Барча боксчиларнинг иштироки Б рингига тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, кеча бокс бўйича жаҳон чемпионатининг саккизинчи кун баҳсларида Ўзбекистон вакили Ойбек Жўраев мусобақадаги илк беллашувини ўтказди. У сербиялик Тамир Галанов устидан ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўл олди.
Мусобақаларда -92 кг вазн тоифасида қатнашаётган Мулложонов эса грузиялик Георгий Тчиладзени мағлуб этди.
-48 кг вазн тоифасида мамлакат шарафини ҳимоя қилган Шодиёржон Мелиқўзиев қозоғистонлик Санжар Ташкенбайга имкониятни бой бериб, мусобақа билан хайрлашди.
Мужибилло Турсунов учинчи жангни ҳам муваффақиятли якунлади. Марокашлик Муҳамед Ҳамутга қарши рингга кўтарилган ўзбекистонлик боксчи бу ғалабаси билан чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.