Путин Мирзиёевга Ғалабанинг 78 йиллиги муносабати табрик йўллади

Владимир Путин, шунингдек, хорижий давлат етакчиларидан уруш фахрийлари ва фронт ортида меҳнат қилганларга самимий миннатдорчилигини етказиб қўйишни сўраган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Улуғ Ватан урушида қозонилган Ғалабанинг 78 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга табрик йўллади. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Бугунги кунда бизнинг маънавий бурчимиз – ота-боболаримиз васият қилган дўстлик ва ўзаро ёрдам анъаналарини кўз қорачиғидай асраш, Улуғ Ватан урушидаги тарихий ҳақиқатнинг бузиб кўрсатилишига, миллатчилар, уларнинг шериклари ва ҳозирги ғоядош ворислари ҳаракатларини оқлашга йўл қўймаслик”, - дейилади Россия раҳбари табригида.

Ғалабанинг 78 йиллиги муносабати табрик, жумладан, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Абхазия, Жанубий Осетия раҳбарлари ҳамда Молдова ва Грузия халқларига ҳам йўлланган.
Владимир Путин, шунингдек, хорижий давлат етакчиларидан уруш фахрийлари ва фронт ортида меҳнат қилганларга самимий миннатдорчилигини етказиб қўйишни сўраб, уларга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр ва фаровонлик тилаб қолишини билдирган.