ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Тошкент мезбонлигида ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг саккизинчи кун баҳслари бўлиб ўтмоқда.
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасида жаҳон чемпионатидаги иккинчи йўқотиш бўлди. -48 кг вазн тоифасида мамлакат шарафини ҳимоя қилган Шодиёржон Мелиқўзиев қозоғистонлик Санжар Ташкенбайга имкониятни бой бериб, мусобақа билан хайрлашди.
Шодиёржон Меликузиев
© НОК Узбекистана
Ўзининг ажойиб ҳаракатлари билан -60 кг вазн тоифасидаги жангларни "ёндираётган" Мужибилло Турсунов учинчи жангни ҳам муваффақиятли якунлади. Марокашлик Муҳамед Ҳамутга қарши рингга кўтарилган ўзбекистонлик боксчи бу ғалабаси билан чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.
Андижон боксининг янги ниҳолларидан бири Шоҳжаҳон Абдуллаев (-86 кг) яна бир босқичдан муваффақиятли ўтди. Қозоғистонлик Сагиндик Тогамбайга қарши баҳс олиб борган Абдуллаев ўзининг аниқ ва кучли зарбалари билан рақибини ожиз қолдириб, чорак финал йўлланмасига эга бўлди.