ТОШКЕНТ, 6 май — Sputnik. Сирдарёнинг Гулистон шаҳрида бўлиб ўтаётган III халқаро Бахшилар фестивалида иштирокчиларни чолғу асбоблари ва миллий либосларидан ажратиб олиш мумкин, дея маълум қилди Sputnik мухбири.
Фестивалда Қашқадарё ва Сурхондарё бахшилари дўмбира, Хоразм, Қорақалпоғистон бахшилари тор, дутор, қобуз чолғу асбобидан фойдаланишади.
Тадбирда иштирок этаётган бахшиларнинг ҳар бири ўз ҳудудининг миллий либосларини кийган: беқасам чопон, қашқар дўпписи, сурхон дўпписи, белқарс (белбоғ), қора қалпоқ, астарли чопон.
В Сырдарье проходит международный фестиваль искусства бахши
© Sputnik
“Мазкур фестивалда энг муҳими ижодий тажриба ўрганамиз. Ватанимизда ва халқаро майдонда ижод қилаётган етук бахшиларнинг сара намуналари билан танишамиз. Бу йилги Бахшилар фестивалида устозлар билан бирга ёш бахшиларни ҳам кўриб турибмиз. Ўйлайманки, бу анъана асрий давом этади”, деди қорақалпоқ ёш бахшиси Атабек Тангрибергенов.
Фестиваль доирасида “Замонавий бахшичилик санъати: олтин мероснинг янги оҳанглари” номли халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Конференцияда замонавий бахшичилик санъати муаммолари, олтин меросни ўрганиш, тадқиқ қилиш, халқаро бахшилар фаолияти ва ёш кадрлар етиштириш масалалари кўриб чиқилди.
Бахшилар етиштириш бўйича маълумотлар берилди. Айтилишича, бугунги кунда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида “Достон ижрочилиги” кафедраси, Термиз шаҳрида бахшичилик мактаби, Нукус шаҳрида опера ва бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб, республикадаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида фольклор синфлари фаолият кўрсатмоқда.
Республикада кўп томлик “Қорақалпоқ фольклори” тўпламлари чоп этилди, ҳозирда 100 томлик “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” мажмуаси нашр этилмоқда. Бахши-шоирлар томонидан ижро этилаётган асарларни ёзиб олиш, уларни илмий ўрганиш ишлари мунтазам давом этади.