Хитой ТИВ ШҲТ мамлакатларини биргаликда рангли инқилобларга қарши туришга чақирди

Хитой вазири хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва минтақавий тинчликни сақлаш муҳимлигини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо мамлакатлар бир-бирини ўз мустақиллигини ҳимоя қилишда ҳамда рангли инқилобларга қарши туришда қўллаб-қувватлаши керак. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазири Цинь Ган ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида (ТИВК)маълум қилди.
“Бир-биримизни суверенитет, хавфсизлик ва манфаатлар ривожланишини ҳимоя қилишда, ташқи кучларнинг минтақа ишларига аралашишига ва рангли инқилобларга ундашига қарши туришда қўллаб-қувватлашимиз даркор”, - дея келтирилади Хитой ТИВ сайтида Ган сўзлари.
Шунингдек, Хитой вазири хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва минтақавий тинчликни сақлаш муҳимлигини таъкидлади. У терроризмга, хусусан, "Шарқий Туркистон ислом ҳаракати” (Россия, Ўзбекистон ва қатор давлатларда тақиқланган), наркотрафик ва трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, Цинь Ган ШҲТ мамлакатларини Афғонистонни кенг ва инклюзив сиёсий ҳокимият тузишда қўллашга чақирди.
4-5 май кун кунлари Ҳиндистоннинг Гоа штатида ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. ТИВ раҳбарлари Нью-Деҳлида бўлиб ўтиши режалаштирилаётган ШҲТ саммитига тайёргарлик кўриш ва Беларусь ва Эронни ташкилотга аъзо сифатида қабул қилиш масалаларини муҳокама қилишди. Шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.