Ўзбекистонда газ "заправкалар"да ҳеч қандай чеклов йўқ — Энергетика вазирлиги

Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг талабига нисбатан 10-15 фоизга кўп табиий газ етказиб берилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Ўзбекистонда газ тўлдириш шохобчалари фаолияти бўйича ҳеч қандай чеклов йўқ. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда “Шўртан газ-кимё мажмуаси”да таъмирлаш ишлари бошланиши муносабати билан босимнинг маълум муддатга пасайиши тўғрисида хабарлар тарқалмоқда.

“Ҳурматли фуқаролар, ҳозирда қувурларда газ босими бир маромда бўлиб, республикамиз, хусусан, водий вилоятларида газ шохобчаларининг фаолиятини чеклашга ҳеч қандай асос мавжуд эмаслигини маълум қиламиз”, - дейилади хабарда.

Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг талабига нисбатан 10-15 фоизга кўп табиий газ етказиб берилмоқда.
Қайд этилишича, айрим газ шохобчалари фаолиятида ноқонуний ҳолатлар, давлат ва истеъмолчилар манфаатларига зарар етказилаётгани аниқланган. Ҳозирда текшириш ишлари олиб борилаётгани боис улар фаолияти вақтинча тўхтатилган.