Болалар ҳаётини хавф остига қўйган боғча раҳбари лавозимидан озод қилинди

Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган боғчада 4 нафар қизчага тегажоғлик қилингани ҳақидаги хабарга муносабат билдирилди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 230-сонли боғча раҳбари хизмат вазифасига масъулиятизлик билан ёндашиб, болалар ҳаётини хавф остига қўйганлиги учун лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилди.
Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазо қандай кучайтирилмоқда?
Тошкент шаҳри Чилонзор туманида жойлашган боғчада 4 нафар қизчага тегажоғлик қилингани ҳақидаги хабарга муносабат билдирилди.
Унга кўра, Тошкент шаҳар ИИББ томонидан қайд этилишича, 2 май куни 4 нафар фуқаролар ариза билан мурожаат қилиб, уларнинг фарзандлари (6 ёшли қизлар) Чилонзор туманидаги боғчалардан бирида ухлаб ётган вақтида вояга етмаган 2008 йилда туғилган Х.Ш. болаларнинг танасини турли қисмларини қўли билан ушлаб, уятиз бузуқ ҳаракатлар содир қилганлигини маълум қилишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 119-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.

“Жиноят иши доирасида барча ҳолатлар батафсил ўрганилиб, зарурий тергов ҳаракатлари ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, - дейилади ИИББ хабарида.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг маълум қилишича, 230-сонли боғча директори боғча ҳудудига бегона шахсни киришига йўл қўйиб берган ва болалар ҳаётини хавф остига қўйган. Шунингдек, у бу билан ички меҳнат тартиб-қоидаларини бузиб, ўз хизмат вазифасига масъулиятизлик билан ёндашган.

“У билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисми 5-бандига асосан бекор қилинди. Мактабгача ва мактаб таълими вазири топшириғига асосан таълим ташкилотидаги муҳит назоратга олинган, ўрганиш ишлари давом этмоқда”, - дейилади хабарда.