ТОШКЕНТ, 4 май — Sputnik. Ўзбекистон ва Тожикистон форс-мажор ҳолатларида ҳаво ҳудудида ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда Сенатнинг қирқинчи ялпи мажлисида маълум қилинди.
Сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида форс-мажор ҳолатларда давлат авиацияси ҳаво кемалари томонидан ҳаво ҳудуди ва аеродромлардан фойдаланиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Душанбе, 2021 йил 10 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунни кўриб чиқишди.
Битимнинг асосий мақсади форс-мажор ҳолатларда давлат авиацияси ҳаво кемаларининг ҳаво ҳудуди ва аэродромлардан фойдаланиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилишнинг ягона тартибини белгилашдан иборат.
Ҳужжатга мувофиқ, форс-мажор ҳолатлари юзага келган тақдирда томонлар давлат ҳаво ҳудудини қисқа муддатли кесиб ўтишга, ўз аэродромларидан бирига захира сифатида қўниш учун рухсат беришга ҳақлилиги назарда тутилган.
Ҳужжатнинг ратификация қилиниши парвозлар хавфсизлигини янада таъминлашга хизмат қилади.
“Сенаторлар мазкур Битимнинг ратификация қилиниши икки мамлакат ўртасидаги конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлишини, бу минтақавий хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишига хизмат қилишини таъкидлашди”, дейилади хабарда.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Маълумот учун, форс-мажор бу томонларнинг иродаси ва фаолиятларига боғлиқ бўлмаган табиат ҳодисалари ёки ижтимоий-иқтисодий ҳолатлар сабабли юзага келган шароитларда томонларга қабул қилинган мажбуриятларни бажариш имконини бермайдиган фавқулодда, олдини олиб бўлмайдиган ва кутилмаган ҳолатлардир.