Озарбайжон компанияси Тошкентда лифт ишлаб чиқариш корхонасини қурмоқчи

Озарбайжон томони билан Ўзбекистонда лифт ишлаб чиқариш корхонасини қуриш масаласини муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 май — Sputnik. Тошкент шаҳар Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Азизхон Шавкатов Озарбайжондан ташриф буюрган Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги Савдо уйи ҳамда “Aki Inter Group UK Ltd” компаниясининг раҳбарияти билан учрашди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Компания бош директори ва асосчиси Кенан Джалилов учрашув учун миннатдорлик билдириб, қатор таклифлари борлигини билдирди.
Тарафлар қурилиш, Ўзбекистонда лифтларни ишлаб чиқариш корхонасини қуриш, ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик соҳаларида ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Шунингдек, меҳмонлар пойтахт ҳокимлиги ҳузурида ташкил қилинган Вазиятлар марказининг фаолияти ва имкониятлари билан танишишди.
Учрашув якунида амалий мулоқотлар давом этишига келишиб олинди.