Наманган бешта давлатга ўрик экспортини бошлади — фото

Наманган вилоятининг Поп туманида ўрикнинг ўзидан 1000 тонна атрофида ҳосил олиш ва хориж давлатларига экспорт қилишни режалаштирилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 май — Sputnik. Наманган вилоятининг Поп туманида Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, БАА, Жанубий Корея давлатларига мавсумда биринчилардан бўлиб сифатли ўрик меваси экспорти бошланди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Фарҳод Мамадалиев Sputnik мухбирига маълум қилди.
Қайд этилишича, унумсиз тошлоқ ерларни ўзлаштириш дастури асосида ташкил этилган Поп туманидаги “Нуран уз" мева-сабзавотчилик кластери бу йилги ўрик экспортини бошлади.

“Ҳозирда 500 нафар мавсумий 50 нафар доимий ишчи ўрни яратган мева-сабзавотчилик кластери бу йилги мавсум давомида ўрикнинг ўзидан 1000 тонна атрофида ҳосил олиш ва хориж давлатларига экспорт қилишни режалаштирилган”, - дейди Фарҳод Мамадалиев.

Унинг қўшимча қилишича, тумандаги ерлар яроқсиз ҳолатдан яшил масканга айлантирилган.
Майдонга 4 та қудуқ қазилиб, 102 гектар ҳудудда томчилатиб суғориш йўли билан Испания давлатидан келтирилган эртапишар, ҳосилдор ўрик, шафтоли, наъматак навлари экилган.
Шунингдек, Наманган вилоятининг Чортоқ тумани Оқ ариқ маҳалласида Россия билан ҳамкорликда йирик мевачилик кластери қуриш лойиҳаси бўйича ишлар бошланган.